ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК)нинг Тошкент шаҳар филиали талабаси Тимур Муродов “Кассета” қисқа метражли фильми билан “Олтин қарға” халқаро кинофестивалининг финалига чиқди. Бу ҳақда Россия университети филиали матбуот хизмати хабар берди.
Картинада ёлғиз фарзандини ташлаб, хорижга ишлашга кетишга мажбур бўлган отанинг изтироблари ҳақида ҳикоя қилинади. Энди унинг ҳаётининг мазмуни ўғлининг тасвири туширилган эски кассета ёзувларидан иборат.
“Ўғлининг тасвири туширилган эски кассеталар ҳаётининг мазмуни бўлган ота ҳақидаги қисқа метражли бадиий фильм бир қанча халқаро фестивалларда эътироф этилган”, — дейилади хабарда.
“Олтин қарға” еттинчи Арктика халқаро кинофестивали 2023 йилнинг 24 апрелидан 7 майига қадар Анадирь шаҳрида (Чукотка автоном округи) бўлиб ўтади.
Ушбу университетнинг яна бир талабаси Остонадаги кинофестивалда қисқа метражли фильм тақдим этади. Муниса Магомедова “Scotch” фильми билан “Tomiris” IV халқаро кинофестивалининг танлов дастурига киритилган.
Фильмни юқори баҳолаганлар орасида уч карра “Оскар” мукофотига номзод кинорежиссёр ва сценарист Сергей Бодров ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, ВГИКнинг Тошкент филиали 2021 йилда очилган. Айни пайтда бу ерда кундузги ва сиртқи бўлимларда 156 нафар талаба таҳсил олмоқда. 2023/2024 ўқув йилида биринчи курсга 73 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилган.