Шавкат Мирзиёевга гўшт, сут ва балиқ етиштириш бўйича лойиҳалар тақдим этилди

Ўзбекистонда мол ва товуқ гўши, сут ва балиқ етиштириш ҳажмини оширишга қаратилган чоралар ишлаб чиқилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. Ўзбекистонда сут, мол ва парранда гўшти ҳамда балиқ етиштириш миқдори ошади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ушбу тармоқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти бўлиб ўтди.

Президентга тақдим этилган лойиҳалар:

Сут йиғиш марказлари ташкил этилади. Уларга камида 100 та аҳоли хонадони бириктирилиб, кооператив тизим йўлга қўйилади. Лойиҳа Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
64 та чорвачилик комплекси барпо этилади. Бунинг учун кластерларга Жаҳон банки маблағлари жалб қилиниб, чорва молларини идентификация қилиш тадбирлари бошланади.
Паррандачидлик хўжаликларига наслли жўжалар ва озуқа харид қилиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 35 миллион доллар йўналтирилади. Ннатижада парранда гўшти етиштириш ҳажмини йилига 800 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.
Балиқчилик тармоғига қўшимча кредитлар ажратилиши, сув ҳавзаларини ижарага бериш, креветка етиштиришни йўлга қўйиш орқали жорий йилда 850 минг тонна балиқ етиштириш мумкин.
Асалари билан чанглатиш кўлами оширилади. Ушбу мақсадда 50 минг гектар боғ ва 200 минг гектар дала четларида асалари уяларини жойлаштириш, қўшимча шароитлар яратиб, аҳолини асалчиликка жалб этиш чоралари белгиланди.
Хабрада айтилишига кўра, Ўзбекистонда асосий тур озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл ва арзон бўлишини таъминлаш мақсадида фермер ва тадбиркорлар учун турли имкониятлар яратилмоқда.
Хусусан, 2022 йилда чорвачиликда 1 минг 400 та лойиҳа амалга оширилиб, қорамоллар сони 14 миллион, қўй-эчкилар сони 24 миллион бошга етган. Паррандачилик хўжаликлари сони 1 минг 300 тани ташкил этиб, тухум етиштириш 4 фоиз, гўштда 28 фоиз ошган. Балиқчилик йўналишида 290 та лойиҳа амалга оширилиб, 502 минг тонна тансиқ гўшт етиштирилган. 27 минг тонна асал етиштирилди, дейилади хабарда.