Мусулмонлар идораси вакили Санкт-Петербургдаги Ўзбекистон фуқаролари билан учрашди

Миграция соҳасидаги янги қарор ва қонунчилик нормалари, чет элда меҳнат қилиш учун яратилаётган шароит ва қулайликлар алоҳида таъкидланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакили, Тошкент вилояти “Тўра бува” жоме масжиди имом-хатиби Шавкат Ҳамдамовнинг Санкт-Петербургга амалий сафари ташкил этилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Сафар давомида Шавкат Ҳамдамов Ленинград вилояти Гатчина туманида жойлашган “Гофра” ва “Иззат” корхоналарида вақтинча ишлаётган, Санкт-Петербург давлат аграр университети ва Россия президентининг Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академиясининг Шимолий-Ғарбий институтида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашди.
Учрашувларда Ўзбекистонда маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ватандошлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди. Миграция соҳасидаги янги қарор ва қонунчилик нормалари, чет элда меҳнат қилиш учун яратилаётган шароит ва қулайликлар алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, 30 апрель куни Ўзбекистон Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича умумхалқ референдуми ўтказилиши маълум қилинди. Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари учун 19-26 апрель кунлари муддатидан аввал овоз бериш участкалари ташкил этилиши юзасидан маълумот берилди.