“Красногорск”ни Паркент, Тошкент ва Нурафшон билан боғловчи автобус қатнови йўлга қўйилди

Ҳозирда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркор томонидан ҳар бир йўналишга 4 тадан транспорт ажратилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. 15 апрелдан “Красногорск – Сўқоқ – Чанги – Паркент”, “Красногорск – Янгибозор – Тошкент”, “Красногорск – Янгибозор – Нурафшон” йўналишларида автобус қатновлари қайта тикланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Транспорт вазирлиги Тошкент вилояти Транспорт бошқармаси томонидан ВҲ-405-сонли “Қизилтоғ қишлоғи – Паркент АШБ” шаҳар атрофи автобус йўналиши 3 та ҳаракат жадваллари билан, ВҲ-390-сонли “Невич маҳалласи – Роҳат – Қўйлиқ 5-метро бекати (Қизилтоғ қишлоғи орқали)” шаҳар атрофи автобус йўналиши 7 та ҳаракат жадваллари билан, ВҲ-416-сонли “Қизилтоғ қишлоғи – Нурафшон АШБ” шаҳар атрофи автобус йўналиши 1 та ҳаракат жадвали билан ташкил этилди.
Ушбу йўналишларда фаолият олиб бориш вазифаси “Красногорск Авто Хизмат” МЧЖга юклатилди. Ҳозирда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркор томонидан ҳар бир йўналишга 4 тадан транспорт ажратилди.
Кейинчалик йўловчи оқимини ҳисобга олган ҳолда автобуслар сони кўпайтирилиши режалаштирилган.