ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Озарбайжонда айни пайтда Ўзбекистон референдумига тайёргарлик жараёни давом этмоқда, хусусан, овоз берувчилар рўйхати тўлдирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси маслаҳатчиси Баҳром Гаипов Sputnik Озарбайжон мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.
Марказий сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ, Бокудаги элчихона ҳузурида Озарбайжонда яшовчи фуқаролар сиёсий тадбирда иштирок этишлари учун референдум участкаси очилади.
Баҳром Гаиповнинг сўзларига кўра, консуллик округи Озарбайжоннинг бутун ҳудудини қамраб олгани туфайли қўшимча участкаларни очишга ҳожат йўқ.
“Президентлик ва парламент сайловларини ўтказиш бўйича аввалги тажриба Озарбайжонда битта участка етарли эканлигини кўрсатади”, — деди дипломат.
Айни пайтда сиёсий тадбирга тайёргарлик жараёни давом этмоқда, хусусан, овоз берувчилар рўйхати тўлдирилмоқда.
"Бу жараён давом этмоқда, шунинг учун бўлажак референдум иштирокчиларининг аниқ сонини ҳозирча айта олмаймиз. Лекин бу жараён яқин вақт ичида якунланиши керак", - деди элчихона вакили.
Бироқ рўйхатни тузиш жараёни тугаллангани рўйхатга киритилмаган Ўзбекистон фуқаролари овоз беришда қатнаша олмайди, дегани эмас. Яъни, 30 апрель куни Озарбайжонда вақтинча бўладиган Ўзбекистон фуқаролари элчихонага келиб, овоз беришда қатнашиши мумкин.
“Фуқаролар Боку шаҳрида бўлиши муносабати билан қўшимча рўйхат тузилади ва улар рўйхатга овоз берувчи сифатида киритилади. Референдум санасига 10 кун қолганида эса сайлов бюллетенлари Бокуга етказилади ва референдумга тайёргарликнинг фаол босқичи бошланади”, — деди Гаипов.
Дипломатнинг сўзларига кўра, Озарбайжонда яшовчи Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий билимини ошириш ва уларни умумий хабардор қилиш доирасида март-апрель ойларида элчихона дипломатлари Боку, Ганжа, Хачмаз, Губа шаҳарларида бир қатор учрашувлар ўтказилган, уларда тайёргарлик жараёни давом этмоқда.
“Фурсатдан фойдаланиб, сайлов комиссияси аъзоси сифатида Озарбайжонда истиқомат қилаётган барча фуқароларимизни 30 апрель куни, хусусан, Ўзбекистоннинг Бокудаги элчихонасида бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида иштирок этишга таклиф этаман", - дея қўшимча қилди дипломат.
Озарбайжон ҳудудида овоз беришда иштирок этишни истаган барча Ўзбекистон фуқаролари элчихонага келиб, овоз бериш жараёни, Асосий қонунга киритилган барча ўзгартиришлар ҳақида ҳам қўшимча маълумот олишлари мумкин.
Маълумот учун, Боку шаҳрида референдум бўйича 27-сонли учустка тузилган бўлиб, у Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси Боку шаҳри, Бадамдар кўчаси, 1-уй, 9-тор кўчаси, 437-бинода жойлашган.