Самарқанд — 2023

Минск 2023 йилда МДҲнинг спорт пойтахти деб эълон қилинди

Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишда Ҳамдўстликнинг кейинги икки йил учун спорт пойтахтлари аниқланди.
Sputnik
САМАРҚАНД, 14 апр — Sputnik. Беларусь пойтахти Минск шаҳрига 2023 йилда МДҲнинг спорт пойтахти мақоми берилди. Келаси йил ушбу мақомни Арманистоннинг Гюмри шаҳри олади. Бу ҳақда Самарқандда бўлиб ўтган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши якунларида маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Йиғилишда Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ҳамдўстликнинг кейинги икки йил учун спорт пойтахтларини аниқлашди. Хусусан, 2023 йилда Минск, бир йилдан кейин эса Гюмри МДҲ спорт марказига айланади.
Қайд этилишича, МДҲга аъзо давлатларнинг шаҳарларига Ҳамдўстлик спорт пойтахти мақоми берилиши уларнинг Ҳамдўстлик маконида спорт салоҳиятини ёрқин очиб беради.
Шунингдек, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш имкониятларини оширади, қўшимча ресурс ёрдамини жалб қилиб, шаҳарлар инфратузилмасини яхшилаш имкониятларини кенгайтиради.