САМАРҚАНД, 14 апр — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида (МДҲ) имконияти чекланган болалар учун спартакиада ўтказиш режалаштирилмоқда, дея хабар берди Sputnik мухбири.
МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Самарқандда ўтаётган йиғилишида МДҲда имконияти чекланган болалар ўртасида спартакиадани ташкил этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси маъқулланди.
Спартакиада тўғрисидаги Низом лойиҳаси Россия томонидан ишлаб чиқилган ва Ҳамдўстлик давлатларининг Жисмоний тарбия ва спорт бўйича кенгаши томонидан маъқулланган.
Россия Федерацияси спорт вазири ўринбосари Алексей Морозов ушбу масала юзасидан делегациялар раҳбарларига мурожаат қилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда МДҲда ногирон болалар учун доимий равишда ўтказиладиган бундай мусобақалар мавжуд эмас.
Шу билан бирга, спартакиаданинг мунтазам ўтказилиши имконияти чекланган шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш, уларнинг жисмоний ва маънавий тарбиясини кенг тарғиб этиш, спорт маҳоратини ошириш, мусобақаларда қатнашиш тажрибасини ошириш имконини беради, дейди Морозов.
Спорт кунларини ҳар тўрт йилда бир марта, қишки ва ёзги спорт турлари бўйича алоҳида ўтказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, биринчи мусобақаларни 2024 йилда қишки спорт турлари бўйича, 2026 йилда ёзги спорт турлари бўйича ўтказиш таклиф қилинмоқда.
Спорт мусобақаларига Паралимпия ва Сурролимпия (дефлимпия) спорт турлари бўйича спорт мусобақалари киритилиши режалаштирилган.
Мусобақа фақат спорт компоненти билан чекланиб қолмаслиги кутилмоқда - лойиҳа муаллифларига кўра, иштирокчилар мезбон мамлакатнинг маданий ва тарихий қадриятлари билан танишишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, Спартакиада ташкилотчиларининг қарорига асосан улар учун илмий-амалий тадбирлар ташкил этилади.
Имконияти чекланган болалар ўртасида МДҲ мамлакатлари спартакиадасини ташкил этиш бўйича якуний қарор 8 июнь куни Сочида бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида қабул қилинади.
Маълумот учун, Самарқандда 14 апрель куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ҳамда МДҲ раҳбарияти делегациялари иштирок этмоқда.
Кун тартибидан Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликка доир 11 та масала ўрин олган. Улар орасида долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, МДҲ форматида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, ташқи сиёсатни мувофиқлаштиришни кучайтириш бўйича ҳаракатлар дастурлари бор.
Ундан ташқари, дунёдаги геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда Ҳамдўстлик давлатлари ва унинг чегаралари бўйлаб хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган.
Йиғилиш якунлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида тегишли қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. Хусусан, Патрис Лумумба номидаги Россия Халқлар дўстлиги университетига журналист кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича МДҲ таянч ташкилоти мақомини бериш режалаштирилмоқда.
Вазирлар томонидан маъқулланган бир қатор ҳужжатлар кейинчалик жорий йилнинг 8 июнида МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашига ёки 13 октябрида бўлиб ўтадиган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашига тасдиқлаш учун киритилади.