Самарқанд — 2023

Уч томонлама газ шартномасидан ҳамма ютади — Лавров

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон газ иттифоқи лойиҳасини муҳокама қилишда олдинга силжишди — Лавров.
Sputnik
САМАРҚАНД, 14 апр — Sputnik. Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон газ шартномасини муҳокама қилишда олдинга силжишди. Агар ушбу шартнома амалга ошса, ҳар бир томон учун фойдали бўлади, деди жума куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқандда бўлиб ўтган МДҲ ТИВК мажлисидан сўнг.
“Уч давлат – Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон, жумладан, президентлар даражасида ушбу кенг кўламли, шубҳасиз, энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, лойиҳани муҳокама қилишда фаол олға силжишди.

Ушбу шартнома амалга ошса, ҳамма томон учун фойдали бўлади. Газ етказиб берувчи бор, ушбу газни харид қилиш истагида бўлганлар ҳам бор. Томонлар ҳам транзит шартлари, ҳам нархлари бўйича ўзларини қаноатлантирган шартларда келишиб олса — бундан ҳамма ютади", - деди Россия ташқи ишлар вазири.

Маълумот учун, бугун Самарқандда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ҳамда МДҲ раҳбарияти делегациялари иштирокида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлис кун тартибидан МДҲ форматида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, ташқи сиёсатни ўзаро мувофиқлаштириш, Ҳамдўстлик давлатлари ва унинг чегаралари бўйлаб хавфсизликни таъминлаш масалалари ўрин олди. Йиғилиш якунлари бўйича тегишли қарор, дастур ва шартномалар имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, 24 январь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва "Газпром" компанияси ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди. Унга мувофиқ томонлар ўртасида тузилган ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ўрганади. Ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича ушбу шартнома Ўзбекистонга газ етказиб бериш бўйича энг тезкор ва кам харажатли усул ҳисобланади,.чунки уни амалга ошириш учун собиқ СССР даврида қурилган ва айни дамда фойдаланилмаётган “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури трубаларидан биридан реверс усулида фойдаланиш назарда тутилади.