САМАРҚАНД, 13 апр — Sputnik. Қўшни давлатлар Афғонистонда тинчлик бўлиши учун қўлидан келган барча ишни қилиши керак, деди Ўзбекистон ташқи ишлар в.б. Бахтиёр Саидов Самарқандда бўлиб ўтаётган Афғонистонга қўшни мамлакатлар вазирлари анжуманида. Sputnik мухбири хабарига асосан.
"Афғонистондаги вазият оғирлигича қолмоқда. Ишончимиз комилки, афғон муаммоси яқин келажакда ҳам кўплаб давлатлар манфаатларига дахлдор бўлган минтақавий ва глобал хавфсизликнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолади.
Бу, биринчи навбатда, қўшни давлатларга тегишли. Биз, Афғонистоннинг энг яқин қўшнилари, мамлакатдаги вазият тезроқ барқарорлашишидан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдормиз. Бугун афғон иқтисодиётини тиклаш, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича асосий масъулият юки бизнинг елкамизга тушди. Афғонистонга қўшни давлатлари бу заминда доимо тинчлик, осойишталик ва фаровонлик бўлиши учун қўлларидан келган барча ишни қилишлари керак", - деди Саидов.
Шунингдек ТИВ раҳбари Афғонистон бўйича Самарқандда бўлиб ўтаётган маслаҳатлашув форматини энг самарали форматлардан бири сифатида алоҳида таъкидлаб ўтди. Вазирнинг айтишига кўра, бу "биргаликдаги ёндашувлар ва ҳаракатларни ривожлантиришга ёрдам беради".
Маълумот учун, 13 апрель куни Самарқандда Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда Ўзбекистон, Россия, Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари иштирок этмоқда. Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири в.б. Амир Хон Муттақи ҳам Самарқандга келган, лекин у фақат ТИВ раҳбарлари билан алоҳида учрашувларда иштирок этиши режалаштирилган.
Тадбирда қўшни давлатлар афғон муаммоси бўйича ўз позицияларини солиштириши, Афғонистонда гуманитар вазиятни яхшилаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини рағбатлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, террорчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Кун тартибига, шунингдек, Афғонистонда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва мамлакатнинг барча этник ва сиёсий кучлари манфаатларини акс эттирувчи инклюзив ҳукумат яратиш орқали умумафғон ички ярашув жараёнини давом эттириш масалалари ҳам киритилган.
Бу Афғонистон бўйича вазирларнинг тўртинчи учрашувидир. Ушбу форматдаги биринчи учрашуви 2021 йил сентябрь ойида видеоконференция форматида, иккинчиси – 2021 йил октябрь ойида Теҳронда, учинчиси – 2022 йилнинг март ойида Хитойнинг Тунси шаҳрида бўлиб ўтган эди.