Мирзиёев Эрдоғанга турк электромобили учун миннатдорлик билдирди

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларининг бугунги даражасига юксак баҳо берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан ўтказган телефон орқали мулоқотда “Togg” бренди остида ишлаб чиқарилган биринчи турк электромобили учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари қардош Туркия президенти ва халқини катта технологик ғалаба – мамлакатда замонавий электромобилларни саноат усулида ишлаб чиқариш бошлангани билан табриклади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларининг бугунги даражасига юксак баҳо берилди.
Ўзбекистон ва Туркия етакчи компанияларининг юқори технологик тармоқлардаги саноат кооперацияси миқёсини янада кенгайтириш учун мавжуд имкониятлар қайд этилди.
Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган икки томонлама Олий даражадаги Стратегик шериклик кенгаши йиғилишига пухта тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Телефон мулоқоти якунида Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича бўлажак референдумни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди ва унинг муваффақиятли ўтишини тилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёевга Туркияда “Togg” бренди остида ишлаб чиқарилган илк миллий электромобиль тақдимот қилинган эди.