САМАРҚАНД, 12 апр — Sputnik. МДҲ бош котиби Сергей Лебедев МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши арафасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов билан учрашди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
14 апрель куни Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида МДҲ ТИВК кенгаши бўлиб ўтади. Унда МДҲ Ижроия қўмитаси ҳам иштирок этади.
"Мулоқот чоғида бўлажак тадбир кун тартиби ҳамда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик доирасидаги жадал ҳамкорлиги масалаларини кўриб чиқдик", - дея ёзди Саидов ўзининг Telegram-каналида.
Ундан ташқари шу куннинг ўзида Самарқандда Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирларининг олтинчи учрашуви ҳам бўлиб ўтади.
Бугун Самарқандда Афғонистонга қўшни давлатлар ва Россия ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтмоқда.