САМАРҚАНД, 13 апр — Sputnik. АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Афғонистонга қарши бир томонлама санкцияларини бекор қилиши керак, деди Хитой ташқи ишлар вазири Цинь Ган Самарқандда бўлиб ўтаётган Афғонистон қўшни давлатлари вазирлари учрашувида. Sputnik мухбири хабарига асосан.
“Биз Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари Афғонистонга нисбатан қўллаган бир томонлама санкцияларни бекор қилишини талаб қиламиз”, - деди у матбуот анжуманида.
Цинь Ганнинг таъкидлашича, Пекин Совуқ уруш тафаккурига мос равишда ишлаб чиқилаётган чораларга кескин қарши. Шунингдек, у ХХР урушаётган блоклар ўртасидаги қарама-қаршиликни кучайтиришга қаратилган стратегияларни қабул қилмаслигини таъкидлади.
“Афғонистон ҳамкорликнинг янги платформасига айланиши керак”, — дея қўшимча қилди Хитой ТИВ раҳбари.
Цинь Ган, шунингдек, минтақа давлатлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва БМТнинг афғон муаммосини ҳал этишдаги ўта муҳим ролини таъкидлади.
Маълумот учун, 13 апрель куни Самарқандда Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда. Йиғилишда Ўзбекистон, Россия, Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари иштирок этмоқда. Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири в.б. Амир Хон Муттақи ҳам Самарқандга келган, лекин у фақат ТИВ раҳбарлари билан алоҳида учрашувларда иштирок этиши режалаштирилган.
Тадбирда қўшни давлатлар афғон муаммоси бўйича ўз позицияларини солиштириши, Афғонистонда гуманитар вазиятни яхшилаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини рағбатлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, террорчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Кун тартибига, шунингдек, Афғонистонда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва мамлакатнинг барча этник ва сиёсий кучлари манфаатларини акс эттирувчи инклюзив ҳукумат яратиш орқали умумафғон ички ярашув жараёнини давом эттириш масалалари ҳам киритилган.
Бу Афғонистон бўйича вазирларнинг тўртинчи учрашувидир. Ушбу форматдаги биринчи учрашуви 2021 йил сентябрь ойида видеоконференция форматида, иккинчиси – 2021 йил октябрь ойида Теҳронда, учинчиси – 2022 йилнинг март ойида Хитойнинг Тунси шаҳрида бўлиб ўтган эди.