САМАРҚАНД, 13 апр — Sputnik. Бугун Самарқандда Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирлари конференцияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон, Россия, Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари иштирок этади.
Учрашувда иштирокчи давлатлар афғон масаласи бўйича позицияларини солиштиришни режалаштирган. Хавфсизлик, терроризм ва Афғонистон ҳудудидан наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши таҳдидларига қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматида таъкидланишича, кун тартибига инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва мамлакатнинг асосий этник-сиёсий кучлари манфаатларини акс эттирувчи чинакам қамраб олувчи ҳукуматни яратиш орқали Афғонистон ичидаги ярашув жараёнини давом эттириш масалалари ҳам киритилади.
Учрашув Афғонистондаги гуманитар вазиятни яхшилаш ва Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, жумладан, минтақавий инфратузилма лойиҳаларини рағбатлантириш орқали саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш имконини беради.
Бу Афғонистон бўйича вазирларнинг тўртинчи учрашувидир. Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви 2021 йил сентябрь ойида видеоконференция форматида, иккинчиси – 2021 йил октябрь ойида Теҳронда, учинчиси – 2022 йилнинг март ойида Хитойнинг шарқий Анхуй провинциясидаги Туньси шаҳрида бўлиб ўтган.
Россия делегациясига ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилмоқда. 12 апрель куни у Ўзбекистонга келди.