Хорижлик талабалар Сурхондарёнинг бой маданий мероси билан танишишди

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида таҳсил олаётган бир гуруҳ хорижлик талабаларнинг Сурхондарё вилоятига саёҳат ташкил этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Хорижлик талабалар Сурхондарёнинг бой маданий мероси билан таништирилди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан республикадаги туристик компаниялар билан ҳамкорликда “Маҳалла”, “Ёшлар” “Нуронийлар”, “Хотин-қизлар”, “Оилавий саёҳатлар” ва “Меҳнат” жамоаларининг республиканинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлари ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида таҳсил олаётган бир гуруҳ хорижлик талабаларни Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан таништириш мақсадида Сурхондарё вилоятига саёҳат ташкил этилди.
Талабалар саёҳат давомида Термиз шаҳридаги қадимги буддавийлар эҳромлари, Бақтрия ва Кушон подшоҳлигига мансуб қалъалар, ўрта асрларга оид тарихий обидалар ҳамда масжидлар билан таништирилди. Шунингдек, Сурхандарё вилоятининг бетакрор табиатини кўриш мақсадида Денов шаҳридаги Сангардак шаршарасига ҳам саёҳат қилинди.