САМАРҚАНД, 12 апр — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқандга етиб келди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Сергей Лавров 13 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтадиган Афғонистонга қўшни давлатлар ва Россия вазирларининг тўртинчи анжуманида иштирок этади.
Тадбирда Афғонистон йўналиши бўйича иштирокчи давлатларнинг позицияларини келишиш режалаштирилган. Афғонистонда террорчилик фаолияти кучайганини ҳисобга олган ҳолда, хавфсизлик масалаларига, терроризмнинг тарқалиш таҳдидларига ва ушбу давлат ҳудудидан келаётган наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилади.
Афғонистон қўшничилик конференцияси формати 2021 йил сентябрида Покистон, Эрон, Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон иштирокида тузилган. Россия Федерацияси унга 2021 йил октябрь ойида Теҳронда бўлиб ўтган иккинчи йиғилишдан қўшилди.
Шунингдек, Россия ташқи ишлар вазири 14 апрель куни Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазирлари иштирокида бўлиб ўтадиган МДҲ ТИВК кенгашида ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Ундан ташқари 14 апрель куни Самарқандда Марказий Осиё давлатлари ва Россия ташқи ишлар вазирларининг олтинчи учрашуви ҳам бўлиб ўтади.