Мирзиёев беш мамлакат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди – фото

Давлат раҳбари Ўзбекистонга янги тайинланган дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлаб, уларни фаолиятини бошлагани билан табриклади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни бўлиб ўтган тантанали маросимда беш мамлакат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Фаластиндан Жавад Аввад, Япониядан Хатори Такаши, Қатардан Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Словакиядан Виктор Борецки ва Покистондан Аҳмад Фарукнинг ишонч ёрлиқлари қабул қилиб олинди.
Давлат раҳбари Ўзбекистонга янги тайинланган дипломатик миссиялар раҳбарларини самимий қутлаб, уларни фаолиятини бошлагани билан табриклади.
Президент ўз нутқида очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни амалга ошираётган Янги Ўзбекистон халқаро майдонда янги марраларга эришаётгани, дўстлар ва ишончли ҳамкорлар сафини кенгайтираётганини таъкидлади. Яқинда Ўзбекистоннинг Швеция ва Венгрияда элчихоналари очилди, Тошкентда Қатар Давлатининг дипломатик миссияси ўз ишини бошлади.
Мирзиёев Конституциянинг янги таҳририни тайёрлаш доирасида кенг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилгани, тажрибали мутахассис ва олимлар, хорижий ҳамкорлар, ихтисослашган халқаро институтлар ва таҳлилий марказларнинг таклифлари ҳисобга олинганини қайд этди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институтлар билан шерикликни мустаҳкамламоқда, Туркий давлатлар ташкилотида самарали раисликни амалга оширмоқда ва жорий йилда илк бор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитини қабул қилмоқда. Ўндан зиёд йирик халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
“Халқаро ҳамжамият учун янада очиқ ва самимий ҳамкор бўлишга астойдил интиламиз. Бунинг учун бизда сиёсий ирода, қатъият, энг муҳими, имконият ва етарли салоҳият бор”, - деди президент.
Тадбир доирасида ҳар бир элчи билан қисқа суҳбат бўлиб ўтди. Чет эллик дипломатлар улар вакиллик қилаётган мамлакатлар етакчиларининг Ўзбекистон раҳбари ва халқига самимий саломи ва эҳтиромини етказди.