ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Ўзбекистонда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Президент 11 апрель куни имзолаган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш ҳуқуқбузарни ижтимоий фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий равишда жалб этишдан иборат бўлиб, у судлар томонидан 8 соатдан 240 соатгача бўлган муддатга тайинланади.
Агар ҳуқуқбузар ўқиётган бўлса, жамоат ишлари ўқишдан бўш вақтда бажарилади.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари қуйидаги шахсларга нисбатан қўлланилмайди:
- пенсия ёшига етган шахсларга;
- 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
- ҳомиладор аёлларга;
- 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
- доимий ишга эга шахсларга;
- ҳарбий хизматчиларга.