ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Энди "Ташаббусли бюджет" учун овоз йиғишга мажбурлаш мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида баҳоланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган ПҚ-117- сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорда тизимга оид бир қатор вазифа ҳамда қоидалар белгиланди. Унга кўра, дастурнинг 1-мавсумида ғолиб деб топилган 2 975 та лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши қатъий назоратга олинади.
Бунда:
жиҳозлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш сўнгги муддати этиб жорий йилнинг июль ойи;
қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш сўнгги муддати этиб август ойи белгиланади.
Шунингдек, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида бюджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланади.
Бунда, мажбурий овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади.
Ташаббусли бюджет жараёнида овоз тўплаш ва ғолибларни аниқлаш механизмини танқидий кўриб чиқиш, жумладан кенг жамоатчилик билан муҳокама қилган ҳолда таклифлар ишлаб чиқишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.