Исломобод жоме масжиди. Тошкент шаҳрида жойлашган. Ўзбекистондаги энг йирик жоме масжиди бўлиб, ҳар бири 63 метрдан 4 минорадан ташкил топган. Масжид 2023 йилнинг 22 март санасидан расмий равишда ишга тушди.
Исломобод масжиди хонақоҳи 8000 минг киши намоз ўқиши учун мўлжалланган. Таҳоратхонаси 150 ўринли, бино ичида маъмурият, кутубхона ва шу каби зарур хоналар ҳам мавжуд.
Исломобод масжиди ҳовлиси майдони билан умумий ҳисобда 11000 мингдан зиёд киши намоз ўқиши мумкин.
Ургут жоме масжиди, Самарқанд вилояти.
Самарқанд вилоятидаги энг йирик масжид бўлиб, 2021 йилда расман очилиш маросими бўлиб ўтган. Бино 1,06 гектар майдонда бунёд этилган. У икки қаватдан иборат бўлиб, қарийб 10 мингга яқин намозхонни сиғдира олади.
Ургут жоме масжиди хонақоҳи 55х45 м ўлчамда қурилган бўлиб, хонақоҳнинг икки четида 18х45 метр ўлчамда айвон ҳам тушган. Масжид биносининг ичи анъанавий нақшлар билан безатилган.
Ургут жоме масжиди хонақоҳи ўртасидаги гумбазнинг баландлиги 36 м, масжид четида жойлашган тўртта миноранинг ҳар бири 40 м дан баландроқ қилиб қурилган.
Минор жоме масжиди, Тошкент шаҳри. Ўзбекистоннинг кўркам ва оппоқ нақшинлардан иборат йирик масжиди. 2014 йилда расман очилган. Хонақоҳнинг умумий майдони 1326 м.кв ни ташкил этади. Масжид 7000 дан ортиқ намозхонга мўлжалланган. Умумий майдони 4.5 гектарни ташкил этади.
“Минор” арабча “манор” сўзидан олинган бўлиб, “маёқ”, “баландлик” деган маъноларни билдиради. Масжид минорасининг баландлиги 45 м, мовий гумбаз 34 м баландликда жойлашган.
Юсуфхон ўғли Қосимхон, Наманган шаҳри. 2021 йилда очилган, ҳудуди 1.8 гектар, хонақоҳ 2000 м.кв.ни ташкил қилади. Масжид замонавий HI-TECH услубида қурилган, ички сиғими 4,5 минг ўринли, ташқи ҳовлига эса 9 минг одам жойлашади. Масжид миноралари баландлиги 45 м, гумбази баландлиги 36 м, айланаси 24метр.
Девонабой жоме масжиди, Андижон шаҳри. Дастлаб 1899 йилда қурилган ва 1944 йилда эса қайтадан очилган. Масжиднинг баланд, нақшинкор миноралари, замонавий ва шарқ меъморчилиги уйғунлаштирилган лойиҳа асосида қад ростлаган.
Девонабой жоме масжиди ҳашаматли биноси, маҳобатли тўртта дарвоза, битта хонақоҳи, кўшк ва айвонлари, муҳташам деворлари мавжуд.
Ҳазрати Имом мажмуаси, Тошкент шаҳри. Аҳоли орасида Хаст Имом номи билан машҳур масжид ва мадраса. Унда Тиллашайх масжиди, Абу Бакр Каффол Шоший мақбараси, Бароқхон мадрасаси ва Имом ал-Бухорий Ислом институти жойлашган.
Ҳазрати Имом масжиди баландлиги 52 м, хонақоҳда 3000 минг киши, айвон билан қўшиб ҳисобланса, 5000 киши намоз ўқиши учун мўлжалланган. Хонақоҳнинг узунлиги 77 м, эни эса 22 м, меҳроби билан қўшиб ҳисобланса, 24 м келади.
Калон масжиди, Бухоро. Қутайба ибн Муслим томонидан VIII асрда қурилган, 1997 йилда таъмирланиб ишга тушган. Масжиди Калоннинг ташқи 7 эшиги бўлиб, асосий шарқий дарвоза олдида ва ичида кенг айвонлар жойлашган.
Масжид тўғри тўртбурчак тарҳли (127×78 м), кенг ҳовли атрофини гумбазли бостирма айвон эгаллаган. 188 қубба (гумбазча) 208 устунга таянган. Ҳовлининг тўрт томони марказида нақшинкор пештоқлар бор. Масжид 3000 намозхонга мўлжалланган.
Охун бобо масжиди, Хоразм вилояти, Урганч шаҳри. Авлиё Ниёз Муҳаммад Охунд номига берилган.
Охун бобо зиёратгоҳи ва жоме масжиди 2018 йилда 4000 киши намоз ўқиши учун мўлжалланиб, фойдаланишга топширилган.
Ҳаким Термизий масжиди, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри.
2018 йили 6 гектар ер майдонида расман очилган.
Ҳаким Термизий масжиди 2250 нафардан ортиқ намозхонга мўлжалланган. Масжиднинг икки ёнида ҳар бири 41,5 метр бўлган иккита минора, баландлиги 22 метр бўлган салобатли гумбаз қад ростлаган.
Имом эшон Муҳаммад, Қорақалпоғистон республикаси, Нукус шаҳри. Имом эшон Муҳаммад жоме масжиди 2017 йилда ишга тушган, 2000 га яқин намозхонга мўлжалланган. масжид ёнида 128 ўринли имом-хатиблар малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Масжиднинг номи қорақалпоқ миллатига мансуб диний уламо, Нақшбандия тариқатининг энг обрўли шайхларидан бири Имом Муҳаммад эшон Қайипназар бий ўғли хотирасига берилган.
Имом эшон Муҳаммад жоме масжиди Нукус шаҳридаги йирик намозгоҳлардан бўлиб, 2021 йилда мамлакат ҳудудидаги энг обод масжид дея эътироф этилган.
Ҳазрати Алишер Навоий масжиди, Навоий шаҳри. Масжидининг очилиш маросими 2006 йилда бўлиб ўтган. Умумий майдони 1,26 га ерни эгаллаган. Бир вақтнинг ўзида 2000 кишини сиғдира олади.
Масжид баландлиги 31 м, бинонинг ичи (20 м) ва ташқи ҳудуди билан 30 м бўлиб, ташқи тарафидаги айвон 5 м. Иккинчи қават ҳам ички томондан айвонли бўлиб, унинг ҳам энига узунлиги 5 м ни ташкил этади. Масжид худудида фаввора ва ҳовуз қурилган.