ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Москва вилоятида Лотин Америкасидан олиб келинган йирик кокаин партияси қўлга олинди, деб хабар қилмоқда РИА Новости Россия Федерал хавфсизлик хизматига (ФХХ) таяниб.
Хабарда айтилишига кўра, Колумбия ва Европа Иттифоқи фуқароларидан иборат халқаро наркокартель аъзолари наркотик моддаларни сотишга уриниш вақтида қўлга олинган.
"Қўлга олиш чоғида Россияга келган картель аъзоларидан 699 килограмм кокаин топилди. Мутахассисларнинг фикрича, наркотикларнинг улгуржи қиймати 2,5 миллиард рублдан ошади, чакана савдода камида олти миллиард рублни ташкил этади", - дейилади хабарда.
Режани амалга ошириш учун картель Москва вилоятидаги ижарага олинган омбордан фойдаланган. У ерда улар товарларни чегарадан олиб ўтиш учун қайта қадоқлашган.
Қўлга олинган уч фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов изоляторига жўнатилди. Чет элликлар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
ФХХ маълумотларига кўра, сўнгги тўрт йил ичида бу Россия орқали Европа Иттифоқига кокаин ва героин етказиб бериш бўйича аниқланган каналлардан бири холос.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Россия қатор Ғарб давлатларининг наркотик моддаларни назорат қилиш халқаро тизимини эркинлаштиришга ва назоратни беқарорлаштиришга уринишлари фонида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кескин кураш олиб бормоқда, - дейилади ФХХ хабарида.
Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев Россияда ҳар қандай гиёҳванд моддаларни қонунийлаштиришга йўл қўйиб бўлмаслигини бир неча бор таъкидлаган эди.