ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Катта Лангар Қуръони саҳифалари Париждан Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси хабар берди.
Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифаси Франциянинг Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазма намойишига қўйилган эди.
Кўргазма якунлангач Катта Лангар Қуръони саҳифалари махсус жиҳозланган шиша қутидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Лувр музейи мутахассислари иштирокида эҳтиёткорлик билан олиниб, саҳифаларнинг сақланиши ва умумий ҳолати ўрганиб чиқилди.
Ушбу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси тасарруфидаги рақамли махсус электрон микроскоп орқали саҳифа асллиги ҳам текширилди.
“Катта Лангар Қуръони” саҳифалари
© Мусулмонлар идораси
“Божхона ҳужжатлари расмийлаштирилгач, саҳифалар жойлаштирилган қути ички ишлар ходимлари ҳамроҳлиги ва кузатувида Диний идора кутубхонасига етказилди”, - дейилади хабарда.
Саҳифаларни қабул қилиш жараёнида уларнинг асл нусхалиги ва яхши сақланган ҳолатда етиб келгани маълум бўлди ва доимий сақлов хонасига жойлаштирилди.
“Катта Лангар Қуръони” саҳифалари
© Мусулмонлар идораси
Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси фондида сақланади.
“Катта Лангар Қуръони” саҳифалари
© Мусулмонлар идораси