ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. АҚШ Украина президенти Владимир Зеленский ортидан айғоқчилик қилган. Бу ҳақда CNN телеканали Пентагоннинг ижтимоий тармоқларга сиздирилган махфий ҳужжатларига таянган ҳолда ёзмоқда.
“Бир ҳужжат АҚШ Зеленский ортидан айғоқчилик қилганини фош этади”, - дейилган хабарда.
Телеканалга Украина раҳбарига яқин манбанинг маълум қилишича, бу ҳолат уни ҳайрон қолдирмаган ва уни “кутилган” ҳолат деб атаган. Шу билан бирга украиналик амалдорлар маълумотлар сизишидан ҳафсалалари қаттиқ пир бўлгани таъкидланмоқда.
CNN маълумотларига кўра, Америка разведкаси ҳисоботида Зеленский февраль охирида “Ростов вилоятидаги Россия қўшинлари тўпланган жойларга дронлар ёрдамида зарба беришни таклиф қилгани” айтилади.
CNN маълумотларига кўра, Америка разведкаси ҳисоботида Зеленский февраль охирида “Ростов вилоятидаги Россия қўшинлари тўпланган жойларга дронлар ёрдамида зарба беришни таклиф қилгани” айтилади.
Телеканалнинг фикрича, олинган разведка маълумотлари АҚШнинг Украинага узоқ масофага учадиган қурол-яроғни Киев улардан Россия ҳудудидаги ички объектларга зарба бериш учун фойдаланишидан хавфсираши сабаб уларни бериш истаги йўқлигини очиқ-ошкора маълум қилганини тушунтиради.
Пентагоннинг махфий ҳужжатлари Twitter ва Telegram ижтимоий тармоқларида пайдо бўлганини ўтган ҳафта “The New York Times” газетаси ёзганди. Уларнинг бир қисми қарши ҳужум олдидан АҚШ ва НАТОнинг Украина армиясини кучайтириш режаларига бағишланганди. Кейинроқ газета Украина, Яқин Шарқ, Жанубий Корея ва Хитойга алоқадор махфий ҳужжатлар сиздирилганини хабар қилди. Улардан АҚШ Россия, Украина ва иттифоқчи мамлакатлар, жумладан, Жанубий Корея ва Исроил ортидан кузатиши ойдинлашган.
“Reuters” агентлиги Украина қўшинларига оид махфий ҳужжатлар сохта бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган.
Кремль вакили Дмитрий Песков сиздирилган ҳужжатлар ҳақидаги саволга жавоб бераётиб, Москва АҚШ ва НАТО можарога бевосита ёки билвосита қўшилганига шубҳа қилмаслигини айтган.