ТОШКЕНТ, 9 апр — Sputnik. Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида ўтказилган “Bharat” олмос ҳафталиги доирасида Ўзбекистон вакиллари алоҳида стенд билан иштирок этди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Стенд “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси жамоаси ва “Carato” бренди томонидан ташкил этилди.
Мумбайдаги “Bharat Diamond Bourse” мажмуасида 6-8 апрель кунлари уч йиллик танаффусдан сўнг дунё олмос саноати вакиллари, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда заргарлик саноати уюшмалари делегациялари жам бўлди.
Тадбир доирасида “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси вакиллари томонидан заргарлик буюмлари, қимматбаҳо тошлар ва жиҳозларнинг “Uzbek Jewellery Fair-2023” халқаро кўргазмасининг тақдимоти ўтказилди.
Таъкидланишича, Тошкентда 26-28 май кунлари илк бор ўтказиладиган халқаро заргарлик кўргазмаси хорижлик мутахассис ва тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотмоқда.