ТОШКЕНТ, 9 апр — Sputnik. Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Тадбир Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда ўзбекистонлик дипломатлар, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги, Дипломатик академия вакиллари, илмий зиёлилар, қирғизистонлик сиёсатшунос ва экспертлар иштирок этди.
Таъкидланишича, жорий йил икки томонлама муносабатларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга муваффақиятли давлат ташрифи ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаровнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи каби воқеалар билан ажралиб турди.
Қирғизистон қардош Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиши қайд этилди.
Ўзбекистонлик дипломатлар иштирокчиларга “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича томонларнинг фаол фаолияти ҳақида маълумот берди. Техник-иқтисодий асосларни тайёрлашни тезлаштириш ва мегалойиҳани амалий амалга оширишни бошлаш умиди билдирилди.
Шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги икки томонлама ҳамкорлик ҳам янги суръат касб этгани қайд этилди.
Ўзбекистон элчиси Хуршид Мирзоҳидов йиғилганларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, жорий йилнинг 30 апрелига белгиланган Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ референдумига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот берди.