Ўзбекистонда ҳаво-десант тайёргарлиги мутахассисларининг кўникмалари оширилмоқда

Ўқув-услубий йиғинда муносиб деб топилганларга “Ҳаво-десант тайёргарлиги йўриқчиси” махсус унвони топширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Мудофаа вазирлиги қўшинлари, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳаво-десант тайёргарлиги мутахассис ҳарбий хизматчиларининг кўникмалари оширилмоқда. Бу ҳақда Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Ўқув-услубий йиғин Шарқий ҳарбий округ қўшинларининг “Шарқ десантчилар” базасида бўлиб ўтмоқда.
“Шарқ десантчилар” базаси
Унда Мудофаа вазирлиги жанговар тайёргарлик бош бошқармаси масъул офицерлари томонидан иштирокчилар ўқув йиғин режасига асосан ўтказиладиган назарий ва амалий машғулотлар билан таништирилди.
Мазкур йиғинда соҳа мутахассисларининг назарий ва амалий билимлари синовдан ўтказилиб, муносиб деб топилганларга “Ҳаво-десант тайёргарлиги йўриқчиси” махсус унвони топширилади.
“Шарқ десантчилар” базаси
"15 апрель кунига қадар йиғин иштирокчилари билан соҳа йўналишлари бўйича турли усулларда десантлаштириш машғулотларини сифатли ўтказиш мақсадида тоғ ўқув маркази мутахассислари ҳам жалб қилинган", дейилади хабарда.
Йиғин давомида иштирокчиларнинг олган назарий ва амалий кўникмаларини келажакда ҳаво-десант қўшинлари билан ўтказиладиган машғулотларда кенг қўллаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.