Омбудсман аралашуви билан 52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди

Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар асосида 21 нафар маҳкум инсонпарварлик тамойили асосида, яшаш жойига яқин бўлган ҳудуддаги колонияга ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Ўтган йилнинг ўзида 52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова маълум қилди, дея хабар берди Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадрахимова.
Қайд этилишича, Омбудсманга маҳкум ва маҳбуслардан келиб тушган шикоят ва аризалар ўрганиб чиқилиши натижасида прокуратура идоралари томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 43 та қарор бекор қилинди. Қўшимча суриштирув ва терговга қадар текширув ўтказиш белгиланди.
Натижада:
21 та мурожаат бўйича тегишли судлар томонидан 52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди;
13 нафар айбланувчига нисбатан танланган эҳтиёт чораси енгилроғига ўзгартирилди;
17 нафар маҳкумнинг (маҳбуснинг) оила аъзоларига моддий ва ижтимоий кўмак берилди;
21 нафар маҳкум инсонпарварлик тамойили асосида, яшаш жойига яқин бўлган ҳудуддаги колонияга ўтказилди.
Шунингдек, 9 та шикоят юзасидан 11 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган ва 1 та шикоят юзасидан 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Прокуратура идоралари томонидан ўтказилган ўрганишларга кўра, 3 нафар маҳкумга қўлланилган интизомий таъсир чораси ноқонуний деб топилган ва бекор қилинган.
2 та шикоят юзасидан прокуратура органлари томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирликлари тизимларининг 2 нафар ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.