ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Миср Исроил ва Фаластин гуруҳлари ўртасида кескинликни юмшатиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда РИА Новости Al-Arabiya телеканалига таяниб хабар берди.
“Қоҳира исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида кескинликни юмшатиш бўйича келишувларга эришди”, — деди манбалар.
Манбаларга кўра, Миср делегацияси сулҳ формуласини ишлаб чиқиш ва кенгайтирилган муҳокамалар ўтказиш учун Исроилга боришга ҳозирлик кўрмоқда.
Фаластин ОАВлари аввалроқ хабар берганидек, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида Исроил хавфсизлик кучлари билан тўқнашув чоғида ўнлаб фаластинликлар яраланган.
Исроил полицияси Ал-Ақсода уюштирилган рейд натижасида 350 кишини қўлга олганини маълум қилди. Исроилнинг хатти-ҳаракатлари аллақачон Иордания ва Миср томонидан қораланган.