Референдум — 2023

МСК маҳаллий ва хорижий ОАВни аккредитация қилишни бошлади — улар қандай ҳуқуқларга эга?

МСКга референдум жараёнларини ёритиш учун Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Туркия, Буюк Британия ОАВлари мурожаат қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Марказий сайлов комиссияси референдумда иштирок этувчи маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларини аккредитация қилишни бошлади. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 383 нафарни ташкил этмоқда.
Референдум жараёнларини ёритиш учун Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Туркия, Буюк Британия ОАВлари мурожаат қилган.
Улар орасида Россиядан “Sputnik”, “ТАСС” ва “Россия сегодня” ахборот агентликлари ҳам бор.
Маълумот учун, ОАВ вакили “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, МСКнинг қарорлари талаблари ва тегишли низом қоидаларини бузганида унинг аккредитацияси бекор қилинади.
ОАВ вакили қуйидаги ҳуқуқларга эга:
референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш;
референдум ўтказувчи комиссияларнинг мажлисларида ҳозир бўлиш;
референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари нусхаларини ОАВда ёритиш учун олиш;
муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;
референдум куни овоз бериш хоналарида, шу жумладан овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиш;
референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига ҳамда овоз бериш жараёнига ҳалақит бермасдан ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасаларида ташкил этилган референдум участкалари бундан мустасно);
фуқаронинг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериш жараёнида ҳозир бўлиш;
референдум ўтказувчи округ комиссияси томонидан участка комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиши ҳамда округ бўйича овоз бериш якунларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;
референдумга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш ҳуқуқига эга.
ОАВ вакили референдум ўтказувчи комиссияларнинг бинолари (хоналари), мажлислари ва матбуот анжуманларида гувоҳномани бошқаларга кўринадиган тарзда доимо таққан бўлиши керак.
ОАВ вакилига қуйидагилар ман этилади:
овоз берувчиларга таъсир ўтказиш, қонунга хилоф равишда бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш;
овоз берувчи овоз бериш бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;
овоз берувчилардан улар қандай овоз берганликларини суриштириш ёки уларга овоз бериш бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
референдум ўтказувчи участка комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан овоз бериш қутилари муҳрланаётган, очилаётган, овозлар санаб чиқилаётганда аралашиш;
референдум куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, референдум натижалари прогнозларини, ўтказилаётган референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.
Овоз берувчининг овоз бериш кабинасида ёки хонасида бюллетенни тўлдириш жараёнини суратга ёки видеога олиш, уни тарқатиш, шу жумладан ижтимоий тармоқларга жойлаштириш тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда 2002 йилда ўтказилган референдумда оммавий ахборот воситаларининг 130 дан зиёд кузатувчилари иштирок этган.