Ижтимоий тармоқларда Пентагоннинг Украина можаросига оид махфий ҳужжатлари тарқалди — ОАВ

Пентагон ижтимоий тармоқда Украинадаги можарога оид махфий ҳужжатларнинг сизиб чиқишини текширмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. АҚШ Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқда Украина армиясининг аҳволи, давлатлар ва НАТОнинг Украина Қуролли кучларини мустаҳкамлаш режалари тасвирланган махфий материалларнинг сизиб чиқишини текширмоқда. Бу ҳақда РИА Новости New York Times нашрига таяниб хабар берди.
Гап март ойининг бошидан бошланган ҳужжатлар ҳақида кетмоқда. Нашрнинг ёзишича, материаллар гўёки Россияга хайрихоҳ Telegram-каналлари томонидан тарқатилган. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда аниқ нашрлар келтирилмаган.
Қайд этилишича, Америка расмийлари ушбу ҳужжатларни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлаш устида ишламоқда, бироқ пайшанба оқшомига қадар улар муваффақиятга эриша олмаган.

“Ижтимоий тармоқлардаги постлардан хабардормиз ва бизнинг департаментимиз бу масалани текширмоқда”, - деди АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх.

Газетанинг иддао қилишича, “ўта махфий” белгиси қўйилган ҳужжатлардан бирида “1 март ҳолатига кўра можаро ҳолати” тасвирланган.
Нашрнинг ёзишича, яна бир материалда Украинанинг 12 та янги бригадаси ҳақида қисқача маълумот бор, улардан тўққизтаси АҚШ ва Шимолий Атлантика алянсидаги бошқа иттифоқчилар томонидан ўқитилиб, таъминланган кўринади.
Махфий ҳужжатда айтилишича, бу тўққизта бригададан олтитаси 31 мартгача, қолганлари эса 30 апрелгача тайёр бўлиши кутилмоқда. Материалда, шунингдек, ушбу тузилмалар учун 250 дан ортиқ танк ва 350 та пиёда жанговар транспорт воситаларига эҳтиёж борлиги таъкидланган.