Ўзбекистонда илк бор биоемирилувчи полиэтилен пакетлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда

2024 йил 1 январдан Ўзбекистон ҳудудида қалинлиги 100 микрондан кам бўлган полимер пакетларни ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Ўзбекистонда илк бор биоемирилувчи полиэтилен пакетлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган, ҳозирда айнан шундай корхонани ишга тушириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги томонидан ўтказилган пресс-турда маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Биологик парчаланадиган полимер материалларни яратиш ва улардан фойдаланиш табиатнинг ифлосланиш хоссасини анча камайтиради. Шунингдек, экологик вазиятни ёмонлаштирадиган синтетик полимерларга эҳтиёж қолмайди.
“Дунёда ҳар сонияда 160 000 та бир марталик пакетдан фойдаланилади. Йилига табиатга 4 триллион дона бир марталик пакет чиқинди сифатида ташланади. Океанга эса 4 миллиондан 6 миллион тоннагача пластик чиқиндилар чиқариб юборилади”, – деди полимер технологияси бўйича муҳандис Фаррух Ҳидоятов.
Шунингдек, Табиат ресурслари вазирлиги томонидан Ўзбекистонда илк бор биологик парчаланадиган полимер материаллар технологиясини жорий этиш режалаштирилмоқда.
“Пластик пакетлар инсоният томонидан ишлаб чиқарилган чиқиндиларнинг 7-10 фоизини ташкил қилади. Уларда диоксинлар, канцерогенлар каби кўп миқдорда зарарли моддалар мавжуд. Пластик пакетлар ишлаб чиқаришда қўрғошиндан фойдаланилади. Унинг инсон танасида тўпланиши эса кўплаб касалликларга сабаб бўлади”, – деди мутахассис.
Ҳозирда республикада полиэтилен пакетларни қайта ишлаш бўйича 101 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон ҳудудида 2024 йил 1 январдан қалинлиги 100 микрондан кам бўлган полимер пакетларни ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланади. Бу пластик рулонли пакетлар ва биологик парчаланадиган хўжалик сумкаларига тааллуқли эмас. Ушбу талабларни бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Маълумот учун, маиший ва полигон чиқиндиларининг асосий қисмини пластик пакетлар ташкил қилади, улар биологик парчаланмайди. Истеъмолда пластик пакетлар ўртача 25 дақиқа давомида ишлатилади ва кейин чиқинди сифатида ташланади. Уларнинг парчаланиши учун 100-500 йил керак бўлади.