Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида олий таълимга қабул қилиш тартиби белгиланди

Академияда ўқишга қабул “тергов фаолияти” бакалавриат таълим йўналиши ҳамда юриспруденциянинг бошқа бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. 6 апрель куни “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бакалавриатига, магистратурасига ва олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисида низомлар тасдиқланди.
Академияда ўқишга қабул “тергов фаолияти” бакалавриат таълим йўналиши (таълим олиш муддати 3 йил) ҳамда юриспруденциянинг бошқа бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ташкил этилади.
Академияга қабул қилишда ҳужжат топширган абитуриентларнинг муайян тоифаларига бошқа ОТМга кириш учун назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Ўқитиш давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади.
“Тергов фаолияти” бўйича бакалавриат босқичига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш учун танлов қабул йилининг 1 февралигача (истисно тариқасида, 2023/2024 ўқув йили учун – 2023 йил 15 апрелгача) эълон қилинади.
Шунингдек, Академия магистратурасига қабул “Тергов фаолияти” мутахассислиги ва бошқа мутахассисликлар бўйича амалга оширилади.
Ўқиш муддати, кундузги ва кечки таълим шаклида – 1 йил, сиртқи ва масофавий таълим шаклида – 1,5 йилдан 2 йилгача этиб белгиланади.
Ўқишга кириш учун ҳужжатлар ҳар йили:
“тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича – 10 майдан 10 июнгача;
бошқа мутахассисликлар бўйича – 10 июндан 31 июлгача қабул қилинади.
“Тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича магистратуранинг кундузги шаклига ўқишга қабул қилинган ваколатли давлат органлари ходимлари, шунингдек бошқа мутахассисликлар бўйича тасдиқланган қабул параметрлари доирасида магистратуранинг кундузги шаклига ўқишга қабул қилинган ички номзодлар бепул ўқитилади.
Бундан ташқари, Академияда олий таълимдан кейинги таълим таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчилик шаклларида ташкил этилади.
Ўзбекистон фуқароларини олий таълимдан кейинги таълим институтига қабул қилиш қуйидагича амалга оширилади:
бепул таянч докторантура ва докторантура шаклида ўқитиш;
бепул ва тўлов-контракт асосида мустақил тадқиқотчилик шаклида ўқитиш.
Ҳужжатлар Академия томонидан 15 сентябрдан 15 октябргача қабул қилинади.