ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Акмал Маҳмудалиев Сирдарё вилоятига ҳокими этиб тасдиқланди. Унинг номзоди президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтаётган Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши сессиясида маъқулланди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби.
Президент Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Акмал Азимжонович Маҳмудалиев номзодини тавсия этди.
Номзод ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режаларини тақдимот қилгач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Акмал Маҳмудалиев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
Йиғилиш давомида вилоятни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, туманлар ҳокимларининг режалари тингланди.
Маълумот учун, Акмал Маҳмудалиев 1974 йилда Фарғона вилоятида туғилган. 1995 йилда Самарқанд кооператив институти, 2005 йилда Тошкент кимё-технология институти тамомлаган.
У кўп йиллар давлат идораларида ўз фаолиятини олиб борган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими, Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокими, Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.