ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўтган йили уй-жой қурилишида темир-бетон, девор конструкциялари ва пайвандлаш ишлари сифатсизлиги бўйича 1 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган 2023 йилги ипотека дастури муҳокамасига бағишланган йиғилишда айтилди.
Шу боис, мутасаддиларга барча темир-бетон корхоналарида замонавий лабораториялар ташкил қилиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.
Сўнгги ойларда дунёда ҳам, минтақамизда ҳам сейсмик фаоллик кузатилаяпти.
Шу боис, 1 майдан бошлаб:
қурилиш бошланишидан олдин танланган ер участкаларида муҳандислик-геологик экспертиза ўтказиш мажбурий бўлади;
кўприк, тоннел, кўп қаватли бинолар каби сейсмик хавфсизлик талаблари юқори бўлган бино-иншоотларни қуриш фақат Қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингида “А” ва “Б” тоифага эга бўлган корхоналар томонидан амалга оширилади.
Ёғингарчилик шаҳарларнинг дренаж тизими ёмон аҳволга келиб қолганини яққол кўрсатаётгани таъкидланди. Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳри ҳокимлигига икки ҳафта муддатда ушбу масаланинг ечими бўйича дастур қабул қилиш ва амалга ошириш топширилди.