Қамчиқ довонидаги ЙТҲда бир киши ҳалок бўлди

Тошкент-Ўш халқаро автомобил йўлидаги ЙТҲда 6 киши жабрланган, улар тиббиёт муассасасига ётқизилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Бугун Қамчиқ довонида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Хабарга кўра, бугун соат 11:10 да “Тошкент-Ўш” халқаро автомобил йўлининг 259-километрида Қамчиқ довонига ўтувчи йўлда юк машинаси ва учта енгил автомобил иштирокида ЙТҲ содир бўлди.
Тўқнашув натижасида лак-бўёқ маҳсулотларини олиб кетаётган юк машинаси ёниб кетган.
Қамчиқ довони
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув гуруҳлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, 25 дақиқа ичида ёнғинни ўчиришди.
Ҳодиса натижасида 6 киши жабрланган, улар энг яқин тиббиёт муассасасига ётқизилган. Ёнғин тўлиқ ўчирилгандан сўнг юк машинасининг ҳайдовчиси вафот этгани маълум бўлди.