Помидор нархи нега кўтарилиб кетди?

Таъкидланишича, январь ойида кузатилган кескин совуқ таъсирида иссиқхоналарада етиштирилаётган помидор ҳосилининг пишиб етилиши ва сотувга чиқиши бироз кечиккан.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Апрель ўрталари ва май бошларида иссиқхоналардаги помидорлар ғарқ пишади, бу унинг бозорларда кўпайишига ва нархларнинг барқарорлашига олиб келади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги лойиҳа офиси раҳбари Бегзод Салимов маълум қилди.
Таъкидланишича, жорий йил январь ойида Ўзбекистонда кузатилган кескин совуқ таъсирида иссиқхоналарада етиштирилаётган помидор ҳосилининг пишиб етилиши ва сотувга чиқиши бироз кечиккан.

“Яъни, одатда ушбу мавсумда помидор иссиқхоналарда 90 кунда пишиб етилса, бу йил ушбу муддат 120 кунга чўзилмоқда. Бу эса помидорнинг бозорларда бироз камлигига ва нархининг юқори бўлишига сабаб бўлди. Мана ҳозирда иссиқхоналарда помидор ҳосиллари пишиб етилмоқда. Апрелнинг ўрталари ва майнинг бошларида эса иссиқхоналардаги помидорлар ғарқ пишади ва бу унинг бозорларда кўпайишига ва нархларнинг барқарорлашига олиб келади”, - дейди Салимов.

Аввалроқ жорий йилнинг 17 мартидан 24 мартигача қизил думалоқ иссиқхона помидорининг ўртача улгуржи нархи 28 минг сўмдан 36 минг сўм/кг га ошгани айтилганди.