Референдум — 2023

Референдумда овоз бериш бюллетенининг шакли тасдиқланди

Бюллетенда овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари "ҳа" ёки "йўқ" деб кўрсатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Ўзбекистон референдумида овоз бериш бюллетенининг шакли тасдиқланди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси (МСК) матбуот хизмати Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, бюллетенга “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунини қабул қиласизми?” деган матн киритилди ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари "ҳа" ёки "йўқ" деб кўрсатилди.
Шунингдек, овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисида ҳам тушунтириш берилади.
Референдум бюллетенининг шакли ва тавсифи тасдиқланди

“Овоз бериш бюллетени А4 297/210га мм ўлчамда бир томонлама вертикал кўринишда босилади. Бюллетеннинг ўртасида оч кўк фонда давлат гербининг тасвири ва унинг атрофида оч кўк рангли чизиқли нақш туширилган”, - дейди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.

Унинг қўшимча қилишича, овоз бериш бюллетларини референдум ўтказувчи участкаларга 17 апрелгача овоз берувчилар умумий сонининг 5 фоиз миқдорида, 27 апрелгача эса 95,5 фоиз миқдорида еказиб берилади.
Овоз бериш бюллетенларини кўзи ожиз овоз берувчилар томонидан тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида трафаретлар ҳам тайёрланади.
Овоз бериш бюллетенлари референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тақдим этилган маълумотга мувофиқ референдум округи бўйича овоз берувчилар сонини, шу жумладан, референдум округи ҳудудида истиқомат қилаётган кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилларда овоз бериш бюллетенларини тайёрлаш бўйича эҳтиёжни инобатга олган ҳолда чоп этилади.
Комиссия томонидан овоз бериш бюллетенларини референдум ўтказувчи участка комиссияларига белгиланган муддатларда етказиб бериш чоралари белгиланди.