ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Қўқон педагогика институти қизлар яшайдиган талабалар турар жойи хоналаридан бирига кузатув камераси ўрнатилгани аниқланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Қўқон педагогика институти талаба қизларидан бири вазирлик расмий телеграм каналининг мулоқот ботида қизлар яшайдиган талабалар турар жойи хоналаридан бирига кузатув камераси яширинча ўрнатилгани ҳақида хабар қолдирган.
“Вазирлик ахборот хизмати шикоят қилган қиз билан суҳбатлашгач, вазирликнинг Фарғона ҳудудий бошқармаси масъуллари томонидан Қўқон педагогика институтига бориб, вазият ўрганилди. Ўрганиш натижасида дарҳақиқат қизларнинг хонасига видеокамера ўрнатилгани аниқланган”, - дейилади хабарда.
Вазирликнинг маълум қилишича, ушбу воқеа юзасидан хизмат текшируви ўтказилади ва айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.