ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. 1 майдан бошлаб расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган 2023 йилги ипотека дастури муҳокамасига бағишланган йиғилишда таъкидланди.
Давлат раҳбари қурилиш ҳажмларини ўз вақтида таъминлаш ҳар бир вилоят иқтисодий кўрсаткичларининг ўсишига катта туртки беришини таъкидлади. Шу боис, аҳоли ва қурувчилар учун янги енгиллик ва имкониятлар яратилиши айтилди.
Жумладан, ипотека кредити ва субсидия билан кўпроқ аҳоли қамраб олинади:
1 майдан бошлаб расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилади. Бунда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинади;
дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаролар банкдан арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлади;
субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилади. Яъни, бу муддат қисқартирилиши орқали субсидиядан кўпроқ аҳоли фойдаланиши учун имконият яратилади.
Шу билан бирга, 4 ой давомида сертификатидан фойдаланмаган фуқароларга субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.