ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. 2025 йилга қадар ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда божхона божи бекор қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган 2023 йилги ипотека дастури муҳокамасига бағишланган йиғилишда айтилди.
Йиғилишда аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш учун қурилиш таннархини пасайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шу мақсадда:
2025 йилга қадар ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда божхона божини бекор қилиш;
юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзини яна 1 йилга узайтириш (бунинг ҳисобига уй-жой қуриш таннархи 5 фоизгача пасаяди);
пудрат ташкилотларига қурилаётган уйни қаватма-қават гаровга қўйиш ва ҳар бир қавати учун кредит олиш ҳуқуқини бериш;
банклар берадиган кредитларни давлат томонидан қайта молиялаш амалиётини давом эттириш;
қурувчиларга кафиллик ва компенсация тўлаш тартибини такомиллаштириш;
аҳолига ўз уйини энергия тежамкор материаллардан фойдаланиб таъмирлашига 10 йилга 16,5 фоиздан 80 миллион сўмгача кредит беришга қарор қилинди.