Хитой Курил ороллари масаласида ўз позициясини ўзгартирди — ОАВ

Хитой 60 йил ичида биринчи марта ўз позициясини нейтралга ўзгартиришга қарор қилди, бу унинг Москва билан яқинлашаётганидан далолат беради - ОАВ.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Хитой Жанубий Курил ороллари Кунашир, Шикотан, Итуруп ва Хабомаига эгалик қилиш масаласи бўйича ўз позициясини ўзгартирди. Бу ҳақда Япониянинг "Kyodo" агентлиги Хитой дипломатик манбаларига таяниб маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости.
Хабарга кўра, Хитой раҳбари Си Цзиньпин Россияга ташрифи чоғида Пекин бу баҳсда “кимнингдир бир томонлама тарафини олмаслигини” айтган. Шундай қилиб, агентлик хулосасига кўра, Хитой ўз позициясини нейтралга ўзгартиришга қарор қилди, бу унинг Москва билан яқинлашаётганидан далолат беради.
Агентлик эслатишича, 1964 йил июль ойида Мао Цзэдун Жанубий Курил оролларини Япония ҳудуди деб атаган ва СССР уларни Японияга қайтариши керак деган фикрни билдирган.
Сўнгги пайтларда Хитой ўз позициясини алоҳида кўрсатмаган, бироқ аввалгисини сақлаб қолган – Хитой хариталарида Япония ва Россия ўртасидаги чегара Уруп ва Итуруп ўртасидан ўтган ва тўртта орол “Россия томонидан босиб олинган” деб белгиланган.
Россия ва Япония орасида Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг ҳалигача тинчлик шартномаси имзоланмаган шу сабабли ҳам ушбу мамлакатлар ўртасида муносабатлар кўп йиллар давомида тўхтаб қолган. Бунга асосий тўсиқ — Жанубий Курил ороллари масаласи бўлиб қолмоқда, буни Токио 1855 йилдаги Савдо ва чегаралар тўғрисидаги икки томонлама шартномага таяниб даъво қилмоқда.
Москванинг позицияси шундан иборатки, ороллар урушдан кейин СССР таркибига кирди ва Россиянинг улар устидан суверенитети шубҳасиз. 1956 йилда СССР ва Япония Қўшма декларацияни имзоладилар, унда Москва тинчлик шартномаси тузилгандан кейин Хабомаи ва Шикотанни Японияга топшириш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олди, аммо Кунашир ва Итуруп ҳақида ҳеч қандай гап бўлмади.
Бироқ, кейинги музокаралар ҳеч нарсага олиб келмади. Россия ҳукумати Япония биринчи навбатда Иккинчи жаҳон уруши натижаларини, шу жумладан, Россиянинг Жанубий Курил оролларидаги суверенитетини тан олиши кераклигини бир неча бор таъкидлаган.