ШҲТнинг 2023-2024 йил учун маданий ва туристик пойтахти эълон қилинди

Тадбирда Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Покистон каби давлатлар вакиллари иштирок этган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари вакиллари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига ташкилотнинг маданий ва туристик пойтахти мақомини бериш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирликлари раҳбарларининг онлайн учрашуви якунлари бўйича Қозоғистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
“ШҲТга аъзо давлатлар вазирлари Олмаота шаҳрини 2023-2024 йилларга мўлжалланган ШҲТнинг маданий ва сайёҳлик пойтахти сифатида тасдиқлаш таклифини қўллаб-қувватладилар”, — дейилади хабарда.
Тадбирда Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Покистон каби давлатлар вакиллари иштирок этган.
Қозоғистон томони ШҲТга 2023 йил июлидан 2024 йил июлигача раислик қилади.
Ўзбекистон 2021-2022 йилларда ШҲТга раислик қилган.