Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида Грузия билан музокараларни якунлади

Тошкентда Ўзбекистон-Грузия ҳукуматлараро комиссиясининг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати мамлакатни Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнида Грузия билан товар ва хизматлар бозорига кириш бўйича музокараларни якунлади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Тошкентда икки мамлакат бош вазири ўринбосарлари Жамшид Хўжаев ва Леван Давиташвили раислигида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Грузия ҳукуматлараро комиссиясининг тўққизинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Грузия билан товар ва хизматлар бозорига кириш бўйича музокараларни якунлади
Тадбир якунлари бўйича имзоланган қатор ҳужжатлар:
йиғилишнинг якуний баённомаси;
икки давлат Ҳукуматлари ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
Ўзбекистоннинг ЖСТ қўшилиши доирасида Грузия ва Ўзбекистон ўртасида товар ва хизматлар бозорига чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги баённома.
Қайд этилишича, ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиздан ошди.
Учрашувда томонлар яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини биргаликда 500 миллион долларга етказишга келишиб олишди. Хусусан, 2023-2024 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини қабул қилиш режалаштирилган.
“Томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Боку-Тбилиси-Карс транспорт йўлаги ва Грузиянинг ривожланган Қора денгиз порти инфратузилмасидан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон 1994 йил июнь ойида Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишувда кузатувчи мақомини олди, 1998 йилда эса ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи музокаралар гуруҳи тузилди.
2020 йил июль ойида Ўзбекистон расмийлари, ЖСТ ва қатор давлатлар вакиллари қарийб 15 йиллик танаффусдан сўнг ушбу гуруҳнинг тўртинчи йиғилишини онлайн тарзда ўтказган эди.
Ўтган йилнинг июнь ойи охирида Ўзбекистон томони ва ЖСТга аъзо давлатлар ўртасида ташкилотга аъзо бўлиш шартлари бўйича музокаралар бошланган.