ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Бу президент Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни имзолаган тегишли қарорда кўзда тутилган.
Қарорга кўра, институтдан ташқари Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳам ташкил қилинди.
Улар иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар ижросини самарали амалга оширишда илмий ёндашувлар ва бошқарув кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган.
Институт ва Олий мактаб фаолиятининг устувор йўналишлари самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар ташкил этилди:
- Институт таркибида ҳудудларда ер ресурсларидан унумли фойдаланиш ва уларни оптимал тақсимлаш орқали бандликни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш юзасидан муаммоларни ўрганиш ва амалий таклифлар тайёрлашга йўналтирилган юридик шахс бўлмаган “Ер ислоҳотлари маркази”;
- Олий мактаб тузилмасида юридик шахс бўлмаган “Яшил иқтисодиётни илгари суриш ва жорий этиш” лойиҳа офиси ва Бизнес инкубатор ва стартап лойиҳалар билан ишлаш маркази.