ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Туркияда ишлаб чиқилган электромобилни совға қилмоқчи. Бу ҳақда у Togg t10x машинасини қабул қилиш маросимида айтиб ўтди.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ва унинг рафиқаси Туркиянинг биринчи Togg электромобилининг илк эгаларига айланди.
“Бугун биз халқимизнинг 60 йиллик орзуси ушалаётганига гувоҳ бўлдик. Togg рекордларни янгилади, бу бизнинг шахсий машинамиз", - дейди Туркия етакчиси.
Маросимда иккита Togg электромобили тақдим этилди, Эрдоған ва унинг рафиқаси қизил рангли машинага ўтиришди. Президентнинг сўзларига кўра, унинг ўзи кўк рангли машинани бошқаради.
Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев навбатдаги электромобилни олади.
Электромобилнинг 160 киловатт қувватга эга аккумуляторли энг арзон модели, бир қувватланишда 314 километр юра олади. У 953 минг лир (50 минг доллардан ортиқ) туради, биринчи етказиб бериш июль ойига мўлжалланган.