Ўзбекистон терма жамоаси Уси “Катта дубулға” турнирини 3 та медаль билан якунлади

Мусобақанинг иккинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси 1 тадан олтин ва бронза медалларини қўлга киритди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Хитойнинг Уси шаҳрида таэквондо WT бўйича “Катта дубулға” мусобақаси якунига етди. Мусобақанинг иккинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси 1 тадан олтин ва бронза медалларини қўлга киритди, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
80 килограммгача вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратган Жасур Жайсунов турнир ғолибига айланди. Жаҳон чемпиони Светлана Осипова эса (+73 кг) бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақани 2 та олтин ва 1 та бронза медаллари билан якунлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Улуғбек Рашитов бу мусобақанинг олтин медалини қўлга киритган эди.
Ушбу турнир лицензион характерга эга бўлиб, декабрь ойида ўтадиган яна бир “Катта дубулға” мусобақаси якунига кўра, Париж-2024 Олимпия ўйинларининг дастлабки лицензиатлари аниқланади.