Лавров Блинкен билан WSJ журналистининг ҳибсга олинишини муҳокама қилди

Таъкидланишича, АҚШ элчихонаси мухбирнинг ҳибсга олингани ҳақида хабардор қилинган, унинг кейинги тақдири суд томонидан белгиланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан Американинг "The Wall Street Journal" (WSJ) газетаси журналисти Эван Гершковичнинг ҳибсга олинишини муҳокама қилди. Бу ҳақда РИА Новости ёзмоқда.

“Давлат котиби томонидан айғоқчиликда гумон қилинган АҚШ фуқароси Эван Гершковичнинг Россияда ҳибсга олиниши юзасидан кўтарилган муҳокама контекстида Энтони Блинкеннинг эътибори қонун ва Россиянинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ қабул қилинган Россия расмийларининг қарорларини ҳурмат қилиш заруратига қаратилди”, - дейилади Россия ТИВ хабарида.

Давлат департаментида қайд этилишича, Блинкен суҳбат давомида Гершковични, шунингдек, жосусликда айбланаётган яна бир америкалик Пол Уиланни зудлик билан озод қилишни талаб қилди. Ўз навбатида, Лавров Вашингтондаги расмийларни ва Ғарб ОАВларини бу ишга сиёсий тус бериш мақсадида вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди. Вазир Гершкович жиноий иш билан қўлга олинганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, журналист ўз мақомини ниқоб қилиб, давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган.
Ташқи ишлар вазирлигининг қўшимча қилишича, АҚШ элчихонаси мухбирнинг ҳибсга олингани ҳақида хабардор қилинган, унинг кейинги тақдири суд томонидан белгиланади.
Суҳбат чоғида Лавров ва Блинкен икки томонлама характердаги айрим масалаларга ҳам тўхталиб ўтган. Давлат департаментида таъкидланишича, улар дипломатик миссиялар ўз фаолиятини давом эттириш имконини берувчи муҳитни яратиш муҳимлигини муҳокама қилган.
30 март куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Екатеринбургда “The Wall Street Journal” мухбири Эван Гершковични жосусликда гумон қилиб қўлга олди.
Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Гершкович жиноий иш билан қўлга олинганини айтди. Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, Екатеринбургдаги мухбир фаолиятининг журналистикага ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Ўз навбатида, WSJ Гершковичга қўйилган айбловларни рад этди ва уни зудлик билан озод қилишни талаб қилди.