ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. АҚШ Украинадаги Россия билан “прокси-урушни” молиялаштирмасдан, тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилиши керак. Бу ҳақда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Маржори Тейлор Грин маълум қилди.
“АҚШ Украинадаги Россия билан “прокси-урушни” молиялаштирмасдан, тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилиши керак”, - деди у CBS телеканалининг 60 Minutes дастури чоғида.
Тейлор Грин Украина АҚШнинг 51-штати эмаслигини эслатиб, Ваштингтон томонидан Киевга молиявий ёрдам ва қурол-яроғ етказиб берилишига қарши эканини таъкидлади.
“Биз ўз чегарамизни ҳимоя қилмаяпмиз. Биз одамларимизнинг муаммоларини эътиборсиз қолдиряпмиз”, - дея қўшимча қилди Конгресс аъзоси.
Аввалроқ Куиннипэк университетининг тадқиқот хизмати (Quinnipiac University Poll) америкаликлар орасида ўтказилган сўров натижаларини эълон қилган эди. Унга кўра, америкаликларнинг 33 фоиздан зиёди Қўшма Штатлар Украинага ҳаддан зиёд ёрдам кўрсатяпти деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпи (52 фоизи) АҚШ президенти Жо Байденнинг Украина инқирозига нисбатан бўлган сиёсатидан норози.
Россия махсус операцияси
Россия 2022 йил 24 февраль куни Украинада махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Россия президенти Владимир Путин бу операциянинг мақсади "саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган ДХР ва ЛХР фуқароларини ҳимоя қилиш" деб атаган.
Бунинг учун Украинани демилитаризация (ҳарбий инфратузилмаларини йўқ қилиш) ва денацификация (миллатчилик ғояларидан тозалаш) қилиш талаб этилади. Шунингдек, Қуролли Кучлар олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш турибди.