ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. Саудия Арабистони ядровий энергетика дастурини ишлаб чиқишда АҚШдан ёрдам олишга умид қилган, бироқ бошқа давлатлар таклифларини кўриб чиқишга тайёр, деб ёзади “The New York Times”.
“Ядровий ҳамкорлик бўйича музокаралар, асосан, Саудия ҳукумати ядро қуролини яратишга тўсқинлик қиладиган ёки бошқа мамлакатларга буни амалга оширишда ёрдам берадиган шартларга рози бўлишдан бош тортгани учун чўзилиб кетди... Ҳафсаласи пир бўлган Саудия расмийлари энди бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганмоқда, Хитой, Россия ёки АҚШ иттифоқчилари”, дейилади мақолада.
Муаллифлар фикрича, Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасида маълум бир ишончсизлик бор ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон бошқа жаҳон кучлари, жумладан, Хитой билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали АҚШдан кўпроқ мустақилликка эришмоқчи.
Баъзи таҳлилчилар бу Вашингтонни Саудия ҳукумати билан ўз шартлари асосида ишлашга мажбурлаш стратегиясининг бир қисми дейишади, бошқаларнинг айтишича, шаҳзода унда АҚШ унчалик устун роль ўйнамайдиган ривожланаётган кўп қутбли дунёни кўрмоқда.