Тасвирлардаги ҳаёт: Ўзбекистонда ижод қилган рассомларнинг ноёб картиналари

Тасвирий санъат ижодкорлари ҳар даврда ўзларининг ҳиссиётларини турфа рангларда, жило ва безакларда акс эттиришган. Sputnik фототасмасида Ўзбекистонда ижод қилган таниқли ва маҳоратли рассомлар яратган ноёб картиналар билан танишинг.
Sputnik
Маҳоратли рассомлар томонидан яратилган асарлар тасвирларида ҳаёт акс этади. Сержило ранглар, ёрқин ва мафтункор чизмалар, нозик дид ва нафосат ила яратилган муҳит - буларнинг ҳаммаси рассом дунёқарашидан дарак беради.
1 / 9

“Буви ва набира”

Ўзбекистон халқ рассоми Абдулҳақ Абдуллаев томонидан 1960 йилда яратилган портрет. Ҳозирда картина Ўзбекистон Давлат санъат музейида сақланади.

Картинада анъанавий ўзбек ҳовлисидаги супада ўтирган жуфтлик – буви ва набира тасвирланган.

2 / 9

“Имом Бухорийнинг ҳаёт йўллари ва мероси”

Ўзбекистон санъат арбоби Алишер Алиқулов томонидан 2022 йилда яратилган маҳобатли рангтасвир. Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази музейининг деворларига ишланган.

Деворий сурат туркуми етук мутафаккир Имом Бухорийнинг илмий меросига бағишланган.

3 / 9

“Дугоналар”

Ўзбекистон санъат арбоби Павел Беньков томонидан 1940 йилда мойбўёқда яратилган кўпфигурали картина. Ҳозирда Ўзбекистон Давлат санъат музейида сақланади.

Картинада рус ва ўзбек қизининг дўстлиги тараннум этилган бўлиб, қизлар гуруҳи ва узумзорнинг узоқлашиб бораётган перспективасининг уйғунлиги тасвирланган.

4 / 9

“Она ўйлари”

Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Аҳмедов томонидан 1956 йилда яратилган портрет. Ҳозирда Ўзбекистон Давлат санъат музейининг дурдона асарлари қаторидан ўрин олган.

Картинада ўтмиши синовларга тўла, бироқ ҳозирда армон оғушига чўмган, кундалик юмушлари билан ўзини юпатиб яшаётган мунгли она тасвири гавдаланган.

5 / 9

“Ўзбек байрами”

Ўзбекистон халқ рассоми Александр Волков томонидан 1926-1927 йилларда яратилган рангтасвир. Ўзбекистон Давлат санъат музейида сақланади.

“Ўзбек байрами” асари тун қоронғулигида равоқлардан иборат тим остида ўтказилаётган байрамга бағишланган.

6 / 9

“Маъбуда она”

Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур томонидан 2018 йилда яратилган рангтасвир. Картина рассомнинг шахсий архивида сақланади.

Мазкур асарда қанотлари остида фарзандларини ўраб олган Она образи тасвирланган.

7 / 9

“Ошиқ анор”

Маҳоратли рассом Мухторхон Исанов томонидан 1999 йилда яратилган рангтасвир. Унинг оригинал варианти рассомнинг шахсий коллекциясида сақланади.

Картинада бир-бирига кўнгил қўйган йигит ва қизнинг эҳтиросларга бой лаҳзаси тасвирланган.

8 / 9

“Уйғониш. Кулол Муҳиддин Раҳимов портрети”

Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалол томонидан 1980 йилда яратилган портрет. Ҳозирда Ўзбекистон Давлат санъат музейида сақланади.

Картина ўзбек профессионал кулолчилик мактабининг асосчиси Муҳиддин Раҳимов ижодига бағишланган.

9 / 9

“Амир Темур портрети”

Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиев томонидан 1994 йилда яратилган портрет. Ҳозирда Темурийлар тарихи давлат музейида сақланади.

Картинада буюк Амир Темур Соҳибқирон саркарда қиёфасида гавдалантирилган.

Материал Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти, санъатшунослик фанлари фалсафа доктори (PhD) Нигора Култашева маълумотлари асосида тайёрланди.