ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркининг Хоразм филиалини бориб кўрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матубот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 15 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига барпо этилган ушбу марказ йилига 4 минг 500 нафар ёшни ахборот технологиялари йўналишида ўқитиш ва IT хизматлар кўрсатиш қувватига эга.
Ушбу мажмуада ҳам 250 нафар йигит-қиз иш билан таъминланган. Ўқув машғулотларини ташкил этиш ҳамда IT хизматларини экспорт қилиш учун барча зарур шароитлар яратилган.
“Мақсадлар ҳам шунга яраша, жорий йилда экспорт ҳажмини 3 миллион долларга етказиш кўзда тутилган”, дейилади хабарда.
Шу ернинг ўзида IT-парк резидентлари, ахборот технологияларига соҳасида фаолият олиб бораётган ёшлар билан мулоқот бўлди. Улар ўзларининг фаолиятлари ҳақида сўзлаб беришди.
Давлат раҳбари ёшларнинг фикрларини эшитиб, таклифларини қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.